Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари хотирасини йўқотган Россия фуқаросига оиласини топишда ёрдам берди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.
Ижтимоий тармоқда Роза Фахретдинова исмли аёл 1977 йилда туғилган Дмитрий Питько ҳақида ёзиб, унинг отаси Оренбург вилоятининг Александровск туманида яшашини билдирган. Тошкент ИИББ тезкор ходимлари Сергей Дмитриевични топди ва унга ўғли ҳақида маълум қилди. Ота Димани анчадан буён қидираётгани, ҳатто «Жди меня» кўрсатувига мурожаат қилганини айтди.
90-йиллар бошида Сергей Дмитриевич турмуш ўртоғи Нина, ўғли Дмитрий ва қизи Катарина билан Ўзбекистондан Россияга кўчиб кетади. Кейинчалик улар ажрашиб кетади. Сергей Оренбургда қолади, Нина эса Тошкентга қайтади. Дмитрий 1994 йилда мактабни битириб, онасининг ёнига қайтади. Ўшандан буён у отаси билан кўришмаган, Нина Питько эса ўша йили вафот этган.
Тошкент ИИББ ходимлари Дмитрий Питькони тўрт кун деганда топди, чунки ижтимоий тармоқдаги постда айтилган «аэропорт атрофи» каттагина ҳудудни эгаллайди. Автомобилларни ювиш шохобчасидагилардан бири Дмитрийга ўхшаган шахсни йўл четидаги қаҳвахона олдида кўрганини айтди. Қаҳвахона эгаси Эдуард Чуляков ва унинг турмуш ўртоғи Лада Дмитрийни дарров таниди.
Уларнинг айтишича, март ойи бошида унинг хотираси қисман тикланган, у қоғозга отаси ҳақидаги маълумотлар ва Россиядаги манзилгоҳини ёзиб берган. Кейинроқ аниқланишича, бу маълумотлар қисман тўғри бўлиб чиқди. Қаҳвахонада ишловчи Юлия Никишева маълумотларни «Жди меня» дастурининг ижтимоий тармоқдаги гуруҳига жойлаган. Роза Фахретдинова шу асосда ўз постини ёзган. Қаҳвахона эгалари ва ходимлари анча йиллардан бери Дмитрийнинг қорнини тўқлаб, устини бутлаб келган.
Россияга бориш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг у Оренбургга, отасининг олдига жўнатилади.
Изоҳ (0)