Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда ғалла ҳосилдорлигини ошириш, чигит экиш ишларини сифатли бажариш, мева-сабзавот, картошка, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
Чигит экишни сифатли ўтказиш ва тўлиқ кўчат олиш масаласига эътибор қаратилди.
Жорий йилда 1 миллион 71 минг гектардан ортиқ майдонга чигит экиш белгиланган. Бу 2017 йилга нисбатан 135 минг гектарга, 2016 йилга нисбатан эса 184 минг гектарга камдир. Чунки фермерларга фақат зарар келтирадиган, ҳосилдорлиги 15 центнердан паст бўлган ерларга пахта экишдан воз кечилди, бунинг ўрнига харидоргир маҳсулотлар экилиши белгиланди.
Энг асосийси, қишлоқ хўжалигида иқтисодий асосли ва адолатли тизим яратилиб, пахта-ғалланинг харид нархи харажатларни қоплайдиган ва фойдани таъминлайдиган қилиб белгилаб қўйилди. Энди «чигит экишга маблағ етмаяпти, ёқилғи йўқ» деган баҳонага ўрин қолмади, ажратилаётган маблағлар барча тадбирлар учун етади, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва туманлардаги секторлар раҳбарларига чигит экиш ишларини мутлақо янги тизим бўйича ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Мавсумда талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит, чигит экиш техникаси ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини аниқ ҳисоб-китоб ва жадвал асосида етказиб бериш, 15 апрелгача чигит экиш ишларини тўлиқ якунлаб, 25 апрелга қадар ниҳол ундириб олиш зарурлиги таъкидланди.
Президент томорқалардан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталди.
Аҳоли ва деҳқон хўжаликларига тегишли унумдор томорқа ерларидан фойдаланиш мутлақо талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди. Аксарият аҳолининг 8–10 сотих томорқа ери бўлса-да, ҳеч нарса экмаган.
Давлат раҳбари кичик томорқадан мўл ҳосил олиб, оиласини боқаётган, катта даромад топаётган меҳнатсевар одамларни ўрнак қилиб кўрсатди.
Йиғилишда мева-сабзавот, картошка, узум ва полиз маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ ишлар ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда 2017 йилга нисбатан 24 фоиз кўп маҳсулот етиштириш режалаштирилгани қайд этилди.
Ушбу режадаги мева-сабзавотларни сифатли етиштириш, халқ истеъмоли учун ғамлаш, белгиланган қисмини экспорт қилишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Изоҳ (0)