Бахтиёр Иноғомов Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа маркази бошлиғи — бош бошқарма бошлиғининг матбуот котиби, Ирина Сайфутдинова эса Ахборот мультимедиа маркази бошлиғининг ўринбосари — бош муҳаррир этиб тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Бахтиёр Иноғомов 1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Олий маълумотли. 2002 йил Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган. Иш фаолияти давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ёшлар телерадиоканали» ЁАЖ, «Тошкент телерадиоканали» ДУКда телебошловчи, катта муҳаррир ва бош муҳаррир ҳамда «Миллий» телеканалда директор лавозимларида меҳнат қилган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор.
Ирина Сайфутдинова 1974 йил Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида туғилган. Олий маълумотли. 1997 йил Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган. Фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг «Ватанпарвар» газетасида мухбир, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририятида бўлим мудири лавозимларида меҳнат қилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот мультимедиа маркази Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 февралдаги «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги № 3528-сон қарори асосида ташкил этилган.
Изоҳ (0)