Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Оқдарё туманидаги «Муштарий Оқдарё» компаниясига қарашли тикувчилик фабрикасида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
2017 йил ноябрда иш бошлаган корхонада 20 хилдаги трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда 400 дан ортиқ хотин-қизлар ҳамда коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда.
Корхона маҳсулотларининг бозори аниқ — Россиянинг OODJI компанияси билан шартнома имзоланган. Экспорт географиясини кенгайтириш режалаштирилган.
«Президент фабриканинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди», — дейилади расмий ахборотда.
Шавкат Мирзиёев бундай замонавий корхоналар иқтисодиётни барқарор қилиш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутишини, шу каби фабрикаларни ҳар бир туманда камида иккитадан ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)