Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби Чемпионлар Лигасининг 4-турида ҳам мағлубият аламини тотиб кўрди.
Ўз майдонида Қатар Юлдузлар Лигасининг сўнгги икки йилликдаги энг яхши жамоаси бўлмиш «Ал-Дуҳайл»ни қабул қилган «темирйўлчилар» сўнгги дақиқалар «қурбони»га айланди. Ҳисоб 35-дақиқада Сардор Рашидов томонидан очилган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда қатарликлар 2 та гол уришга эришди.
Сардор Рашидов бир йил аввал Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби шарафини ҳимоя қиларди. Кейинроқ «Ал-Жаиш» ва «Лаҳвия» клублари бирлаштирилиб, «Ал-Дуҳайл»га асос солинди. «Ал-Дуҳайл» Тошкентга келиши олдидан мамлакат чемпионлигини қўлга киритганди.
Қатар клубига қарши ўйиннинг 88-дақиқасида ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев жароҳат олиб майдонни тарк этди ва унинг ўрнига Салим Мустафоев ўйинга қўшилди. Шу ўзгаришдан кейин «Ал-Дуҳайл» кетма-кет 2 та гол уришга эришди. Томонларнинг Доҳада ўтган биринчи ўйинида қатарлик футболчилар 3:2 ҳисобида зафар қучганди.
«Локомотив» Чемпионлар Лигасини «Ал-Ваҳда»ни 5:0 ҳисобида мағлуб этиш билан бошлаганди. Кейинги 3 та турда эса Мирко Еличич бошқараётган жамоа мағлубият аламини тотиб кўрди.
Чемпионлар Лигаси «B» гуруҳи. 4-тур 12 март, душанба
Изоҳ (0)