SpaceX компанияси 6 март, сешанба куни Испаниянинг 6 тоннали Hispasat 30W-6 алоқа сунъий йўлдоши ортилган Falcon 9 ракета ташувчисини муваффақиятли учирди, деб хабар берди «ТАСС».
Ракета 4 март куни учирилиши керак эди, бироқ SpaceX «қўшимча синов ўтказиш» зарурати сабабли уни 2 кунга кечиктиришга мажбур бўлди.
Компаниянинг маълум қилишича, Hispasat — SpaceX шу кунга қадар космосга олиб чиққан энг йирик геостационар сунъий йўлдош ҳисобланади. Қурилма Европа, Шимолий Африка, шунингдек, Шимолий ва Жанубий Америкага телекоммуникацион сигналларни узатишга мўлжалланган.
Сунъий йўлдош Американинг SSL компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
Эслатиб ўрамиз, Falcon 9’нинг сўнгги парвози 22 февраль куни амалга оширилганди. SpaceX унинг ёрдамида орбитага PAZ сунъий йўлдошини, шунингдек, интернет учун мўлжалланган иккита қурилмани олиб чиққан.
Изоҳ (0)