Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби Чемпионлар Лигасининг 3-турида ҳам мағлубият аламини тотиб кўрди. Қатар чемпиони «Ал-Дуҳайл» меҳмони бўлган «темирйўлчилар» 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Халқаро майдондаги дебют омадли чиқиб, илк турда «Локомотив» Амирликларнинг «Ал-Ваҳда» клуби дарвозасига жавобсиз 5 та гол урганди. 2-турда эса «Зоб Оҳан»га имкониятни бой берилди. Ва мана энди сафардаги иккинчи ўйинда ҳам мағлубият.
Учрашув старти қатарликлар учун омадли келиб, улар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ 3 та гол уришга эришди. 56-дақиқага келиб клуб мураббийлари бразилиялик ҳужумчи Нивалдони майдонга туширди ва орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас ҳисоб қисқарди. Нивалдо «Локомотив»нинг шу йилги илк расмий голини ҳам урган бўлиб, кейин жароҳат олганди. Ҳужумчининг голидан 3 дақиқа ўтиб, аввалги мавсум тўпурари Марат Бикмаев номини таблога ёзиб қўйди. Бироқ мезбонларга етиб олишнинг иложи бўлмади.
«Локомотив» 2-даврадаги икки учрашувни ўз майдонида ўтказади ва айнан ўзи мағлуб бўлган клубларни Тошкентда қабул қилади.
Чемпионлар Лигаси «B» гуруҳи. 3-тур 6 март, сешанба
Изоҳ (0)