Наманганда Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Ашт тумани билан чегарадаги «Поп» («Навбунёд») ўтказиш пункти қайтадан иш бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Мазкур масканнинг очилиш маросими тантана тусини олди. Икки мамлакат давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чегара ҳудудида яшовчи фуқаролар карнай-сурнай садолари остида бир-бирига қучоқ очди.
Тадбирда иштирок этган Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев, Сўғд вилояти раисининг ўринбосари Анвар Ёқубий, Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов, Ашт тумани раиси Мирдадо Зариф Мирмуҳаммадий ва бошқалар ўтказиш пункти фаолиятининг қайта тикланиши яқин қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда яна бир хайрли ва муҳим қадам эканини таъкидлади.