Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандлик тарихи давлат музейида кулол Ғайрат Жўраевнинг «Аждодлар мероси давомчилари» номли кўргазмаси очилди, деб хабар берди ЎзА.
Ғайрат Жўраев Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган. Ёш кулол кўплаб миллий ва халқаро кўрик-танловлар ва кўргазмаларда иштирок этиб, бир нечта медаль ва дипломлар билан тақдирланган.
Кўргазмада ёш ижодкорнинг элликка яқин асари намойиш этилмоқда. «Ўйма нақш», «Буюк ипак йўли», «Юракдаги Бухоро», «Аждар», «Етти гўзалнинг бири», «Ҳаёт дарахти», «Тандир сотаётган бобо» ҳамда «Темурийзода» каби панно, кўза, лаган ва ҳайкалчалар шулар жумласидан.
Шунингдек, тадбир доирасида Ғайрат Жўраев томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Павел Бенков номидаги Республика рассомлик коллежи ўқувчилари либослар, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ҳамда Тошкент давлат санъат ва маданият институти талабалари концерт дастурини намойиш қилди.