Арманистон парламенти яширин овоз бериш йўли билан собиқ бош вазир, Буюк Британиядаги элчи Армен Саркисянни республика президентлигига сайлади. У мазкур лавозимга ягона номзод эди, деб ёзади «Интерфакс».
Унинг номзоди учун 90 депутат овоз берди. Ўн нафар депутат қарши овоз берди, битта бюллетен ҳақиқий эмас деб топилди. Номзод президентликка сайланиши учун 105 нафар депутатдан камида 79 нафари овозини олиши лозим эди.
Саркисяннинг номзоди Республикачилар партияси ва «Дашнакцутюн» Арман инқилоб федерацияси томонидан илгари сурилган эди.
Арманистоннинг ҳозирги президенти Серж Саргсянннинг ваколат муддати 9 апрель куни тугайди.
Мамлакатнинг янги президенти 9 апрель куни ваколатларини бажаришга киришади. Шу куннинг ўзида ҳукумат истеъфога чиқади. Янги конституцияга мувофиқ, президент етти йил муддатга сайланади.
Янги президент лавозимини бажаришга киришиши билан мамлакат бошқарувнинг парламент шаклига тўлиқ ўтади.
Изоҳ (0)