Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев туркиялик ҳамкасбини туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган катта эътибори ва саъй-ҳаракатларини ҳамда қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил октябрь ойида Туркияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасидаги самарали учрашув ва музокаралар кўп қиррали ва ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани ҳамда аниқ амалий мазмун бахш этгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёевга табрик ва эзгу тилаклар учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Президенти тимсолида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида ҳақиқий биродар ва ҳамфикрга эга бўлганини алоҳида таъкидлади.
Туркия раҳбарининг Ўзбекистонга бўлғуси олий даражадаги ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда муқаддам эришилган келишувларни бажарилиши масалалари юзасидан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ташкиллаштириш муҳимлиги эътироф этилди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарлари ўзбек-турк ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Изоҳ (0)