2017 йилда Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунни бузган ташкилотлардаги масъул шахслари аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бу борада Вазирлар Маҳкамасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича ўтказилган мажлисда маълумот берилди.
Вазирлик, идора ҳамда маҳаллий ҳокимият органларидан олинган маълумотларда қайд этилишича, ўтган йили жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда қонун бузилиши ҳолатларига сабабчи бўлган 3366 нафар мансабдор шахсларга нисбатан кескин чоралар қўлланган.
Жумладан, раҳбар ва масъул ходимлардан 290 нафари эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган, 2897 нафарига интизомий, 164 нафарига маъмурий жазо қўлланган, 15 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилган.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, ҳисобот даврида Вазирлар Маҳкамаси аппарати, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига бевосита жисмоний ва юридик шахслардан жами 806,5 мингта ёзма, оғзаки ва электрон мурожаатлар тушган бўлиб, 2016 йилга нисбатан 61 фоизга кўпайган.
Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига аҳолидан 971,8 мингта мурожаат келиб тушган ва кўриб чиқилган.
Изоҳ (0)