Суперлиганинг янги мавсумига тайёргарликни Амирликларда олиб бораётган Тошкентнинг «Пахтакор» клуби «Ал-Дафра» устидан зафар қучди.
Дубайдаги «Жебел Али» майдонида ўтган ўйинда «Пахтакор»нинг легионер футболчилари ўзини кўрсатди. Аввалига австралиялик Ростин Гриффиц рақиб постига гол урган бўлса, кейинроқ португалиялик Исмоил Гонсалвеш ҳисобдаги устунликни оширди.
Бунгача «Ал-Дафра» клуби собиқ «пахтакорчи» Игорь Сергеевни ўз сафига қўшиб олганди. Амирлик чемпионатида 10-ўринни эгаллаб турган «Ал-Дафра»даги тўртинчи ўйинида Сергеев дебют голини уришга эришганди. «Пахтакор» матбуот хизматининг хабар беришича, Сергеев собиқ жамоасига қарши беллашувда иштирок этган.
Аввалроқ пойтахтнинг бошқа бир клуби «Бунёдкор» ўзининг собиқ футболчиси Отабек Шукуров тўп сураётган клуб устидан ишончли ғалабага эришганди.
Изоҳ (0)