UNICEF ва «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига эришишда ижтимоий ҳимоянинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Давра суҳбати жорий ижтимоий ҳимоя тизимининг кучли ва заиф томонларини ва ижтимоий жиҳатдан энг заиф аҳоли қатламларини ижтимоий-иқтисодий хатарлардан ҳимоя қилиш йўлларини муҳокама қилишга бағишланди.
Учрашувда молия, бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими вазирликлари, бош прокуратура, хотин-қизлар қўмитаси ва Жаҳон банки вакиллари иштирок этди.
«Кучли ижтимоий ҳимоя тизими аҳолининг заиф гуруҳларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий ўсишни янада инклюзив қилиш учун ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар даврида жуда муҳимдир. Ижтимоий ҳимоя тизими соғлом ва самарали иши кучини ривожлантиришда, одамларни иш излашларида, таҳдидларга тик қарай олишларида ва самарали фаолиятга инвестициялар қилишда муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, иқтисодий инқироз даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантиришга кўмак беради», — дейди UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.
«UNICEF ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати билан ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, жумладан, ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш, кам таъминланган оилаларнинг фаровонлигини ошириш бўйича қатор ёндашувлар ва комплекс мониторинг ахборот тизимини жорий этиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)