«Дарё» таҳририятига Фарғонадан, Ҳожиакбар Жабборов номидан шикоят аризаси келиб тушди. Унда шундай дейилади:
Фарғона шаҳар, Алишер Навоий номли кўчада 2015 йили кўп қаватли намунали уйлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган. Бироқ аҳоли яхши ниятлар билан харид қилган уйларида бугунги кунда кўнгилдагидек яшай олмаяпти. Мазкур кўп қаватли уйлар «намунали уйлар» деб аталишига қарамай, ўз номига мос эмас деб фикр билдириш мумкин.Таҳририят дарҳол бу ерга ўз мухбирини юборди. Журналистика тамойилига кўра дастлаб муаллиф билан учрашиш, сўнг шикоятда келтирилган далиллар, унинг сабабларини аниқлаш зарур эди.Биринчи муаммо: Кўп қаватли уйлар битказилиб фойдаланишга топширилган кезлари бинонинг ташқари қурилиш ишлари тўлиқ битказилмаган эди. Фақатгина хонадонларнинг ички қисми тўлиқ битган холос. Ташкилотчилар кейинроқ қурилишдаги камчиликларни бартараф этишга ваъда беришган. Бироқ мана 3 йилдирки, қурилиши битмаган бино қисмлари ҳали ҳам мавжуд.
Иккинчи муаммо: Вилоятда марказида бунёд этилган замонавий кўп қаватли уйларнинг ҳовлисини улкан ахлатхонага айлантириб олишган. Аҳоли «дом»ларнинг марказидан ахлатхона сифатида ҳам фойдаланади. Кўп эмас, бироз муддат аввал бу ердан ҳатто одам ўлиги ҳам топиб олинган. ИИБнинг 10 кунлик тафтиш ишлари бўлгандек кўринди. Бироқ якунда бу ахлатхоналар ўз ҳолича қолди.
Учинчи муаммо: Кўп қаватли уйларнинг пастида шашликхона ҳам ташкилланган. Кўмир ҳидидан азият чекаётган аҳолининг эътирозларига қарамай, кабобхона бугунги кунда ҳам фаолиятини давом эттирмоқда.
Шу каби муаммолардан азият чеккан аҳоли тегишли идораларга кўп бора эътироз аризаларини ёзган. Прокурордан тортиб порталгача ёзилган. Бироқ муаммо ҳали ҳам ўз ечимини топмаган.
Фарғона шаҳри марказидаги бундай ҳолат ачинарлидир албатта.
Ҳожиакбар Жабборов
«Бу уйда Ҳожиакбар Жабборов исмли одам яшамайди, — деди уйбошиси Лолахон Майчиева. — Шикоятни биз ёзмаганмиз. Унда уйда яшайдиганларнинг биронтаси исми ҳам, имзоси ҳам йўқ-ку».
Амалдаги қонунчиликда аноним шикоят ўрганилмаслиги мумкин эди. Аммо уйбоши:
«Мухбир ука, шикоят аноним бўлса-да, ундаги баъзи гаплар тўғри», — деб қолди.
Бир зумда ҳовлига 10–15 чоғли хонадон эгалари йиғилди.
«Мен 29-квартирада 5-қаватда яшайман. Ёмғир ёғди дегунча уйимиздан чакка ўтади», — деди Маъмура Ўрмонова.
«Сув, канализация ўтган жойлар ва йўлакларда тешиклар қолиб кетган. Темир панжаралар ҳалигача қўйилмаган, болаларимиз учун юқори қават йўлаклари хавфли», — гапга қўшилди 31-хонадонда яшовчи Нозима Алимова.
«Ҳудудимиз тоза, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетишади. Шикоятда ёзилгани эса қурилиш чиқиндиси эди. Уни қурувчи ўзи тозалаб кетганига анча бўлди», — деди 20-хонадон эгаси Максим Каземиров.
«Биз шаҳар ҳокимиятига бу камчиликлар ҳақида мурожаат қилганмиз. Улар муаммоларимизни ҳал қилиб бериши керак-да», — таъкидлади ўзини Навбаҳор деб таништирган аёл. Қолганлар ҳам уйнинг чала камчиликларидан шикоят қилди.
Дарҳақиқат, талаблар ҳақли эди. «Дарё» мухбири таклифига кўра хонадон эгалари билан юзма-юз мулоқотга шаҳар хокимининг ўринбосари Дилшод Омонов, уй қурган ташкилот раҳбари Шуҳрат Маҳмудов, «Санитар сервис » МЧЖ раҳбари Ғуломжон Холматов, ИИБ ҳудуд катта инспектори Муродил Қозоқовлар таклиф этилди. Аноним шикоят бандлари масъуллар иштирокида муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, кўп қаватл уй шикоятда ёзилганидек, ҳукумат қарори билан қурилган «намунали уй»лардан эмас. Уни Шуҳрат Маҳмудов бошчилигидаги хусусий қурилиш ташкилоти шаҳар ҳокими қарорига асосан ажратилган ер майдонига ўз маблағи ҳисобидан қурган. Харидор — ҳозирги хонадон эгалари уйларни «коробка», яъни ички таъмирсиз сотиб олган. Йўлак, том, ташқи кўринишни сотувчи — хусусий қурилиш ташкилоти битказиб бериши ҳақида оғзаки келишилган. Аҳоли қурувчи ваъдасида турмаганидан, ҳалигача уй томи, йўлагидаги камчиликлардан норози. Бор гап шу эди. «Дарё» мухбири иштирок этган муҳокама чоғида хусусий қурилиш ташкилоти раҳбари Шуҳратжон Маҳмудов хонадон эгаларига шу йил 20 март кунигача лойиҳадаги барча вазифаларни адо этиш, уйни фойдаланишга топширишга сўз берди ва расман улар билан бу ҳақда битим тузди. Қор одам шикоятига шу ерда нуқта қўйиш мумкин эди, аммо...
«Дарё» сайтига аноним бўлса-да, шикоят йўллаган бошқа шаҳарда эмас, шу уйда яшаса керак. Гап эгасини топар деб ўйлаймиз.
Биродар, ҳар нарсани ўз номи билан аташ лозим. Сиз «мазкур кўп қаватли уйлар ‘намунали уйлар’ деб аталишига қарамай, ўз номига мос эмас» дебсиз. У қабул қилинган дастур асосида эмас, хусусий тартибда қурилган уй бўлиб, бинодаги камчиликларни бартараф этишни аввало хусусий қурилиш ташкилотидан талаб қилишинигиз, яна ҳам очиқроқ айтсак, олди-сотди шартномасида томонларнинг мажбуриятлари қайд этилиши лозим эди. Буни ўзингиз қилмагансиз. Шунинг учун ҳам бугун айбдор — қурувчи қолиб «азият чеккан аҳоли» номидан «прокуратурадан тортиб порталгача» ёзиб ётибсиз. Мана, юзма-юз мулоқотда қурувчи айбини тан олди ва бир ойлик муддатда уни бартараф этиш ҳақида аҳоли билан келишиб шу заҳотиёқ иш бошлади-ку.
Сиз «Вилоят марказида бунёд этилган замонавий кўп қаватли уйларнинг ҳовлисини улкан ахлатхонага айлантириб олишган. Аҳоли ‘дом’ларнинг марказидан ахлатхона сифатида ҳам фойдаланади. Кўп эмас, бироз муддат аввал бу ердан ҳатто одам ўлиги ҳам топиб олинган. ИИБнинг 10 кунлик тафтиш ишлари бўлгандек кўринди. Бироқ якунда бу ахлатхоналар ўз ҳолича қолди» дебсиз.
«Бу нотўғри гап, — дейди 31-хонадонда яшовчи Нозима Алимова. — Ҳовлида қурувчилардан қолган чиқинди бор эди, уни Шуҳратжон олдириб ташлаган. Уйлардан чиқадиганини ажратилган жойдаги контейнерга ташлаймиз. Барака топсин, кунига икки марта олиб кетишади».
«Бу хизмат учун шартнома тузиб ҳақини тўлайсизларми?», — сўрадик биз.
Нозима опа уялгандек кўзларини яширди:
«Йўқ, ҳеч ким билан шартнома хам тузмаганмиз,чиқиндини олиб кетаётгани учун ҳақ ҳам тўламаймиз».
«Уй ҳали лойиҳа талаблари бажарилиб фойдаланишга топширилмаган. Уйдан фойдаланиш ширкати ҳали тузилмаган, — деди ҳоким ўринбосари Дилшод Омонов. — Ҳокимият ўз ташаббуси билан ‘Санитар сервис’ МЧЖ бу ердаги чиқиндини олиб кетиб туришини ташкиллади».
«Бу ерда одам ўлиги топилгани хақидаги гаплар афсона, — дейди ҳудуд катта нозири Муродил Қозоқов. — Бир одам қаттиқ маст бўлиб уй ҳовлисида ‘ўчиб’ қолган. Биз уни хушёрхонага олиб борган эдик».
Уйнинг биринчи қаватига туташ кичик хонада шашлик пишириб сотилар экан. Ҳокимият талаби билан ноқонуний қурилган хона бузиб ташланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Халқ қабулхоналари» орқали ҳам мурожаатлар ҳал этиляпти. Бунинг учун ҳеч ким аризачини таъқиб этаётгани йўқ. Тилагимиз, шикоятлар аниқ муаллифдан ҳар нарсани ўз номи билан атаб ёзилса.
«Дарё», кичкина бўлса-да, одамларни ташвишга солаётган муаммолар ечимига ёрдами тегишини бурчи ва вазифаси деб билади.
Муҳаммаджон Обидов
Изоҳ (0)