Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида 9 февраль куни GEOTWO CO LTD (Корея Республикаси) компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда. Унда Ўзбекистоннинг ўз ечимлари асосида миллий геоинформацион дастурий таъминот яратиш борасида ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув давомида томонлар геоинформацион тизимларни ривожлантириш, чет маҳсулотларга қарамликни кескин камайтириш, келгусида хизматлар ва дастурий маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини яратиш учун миллий ахборот тизимларини маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқиш борасида ҳамкорликка келишиб олди.
GEOTWO CO LTD 2000 йили ташкил этилган мустақил геоинформацион компания бўлиб, Жанубий Корея ер-қурилиш ва ахборот макони бозорида етакчи саналади. GEOTWO компанияси ечимларининг ўзига хослиги шундаки, улар АҚШнинг ESRI компаниясига тегишли машҳур ArcGIS дастурий маҳсулотига турдош саналади ва Корея Республикаси ҳамда бошқа қатор мамлакатлар давлат органларида жорий этилган.
Изоҳ (0)