Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу йилнинг март ойида ЖЧ—2018 иштирокчиси ҳисобланган Сенегалга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати маълумот берди.
Учрашув 23 март куни Касабланка шаҳрида бўлиб ўтади. Аввалроқ ўзбекистонликлар мундиалнинг бошқа бир иштирокчиси Марокаш билан ҳам келишувга эришган бўлиб, мазкур ўйин 27 март куни айнан Касабланкада ўтиши режалаштирилганди. Шу тариқа Ўзбекистон миллий термаси 4 кун ичида 2 та кучли рақиб билан беллашиш имкониятига эга бўлди.
Қайд этилишича, келишув амалга ошишида ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг ҳам ёрдами бор. ЎФА президенти сифатида фаолият олиб бораётганида Умид Аҳмаджонов биринчилардан бўлиб Инфантино билан кўришган бўлиб, ўзаро ҳамкорлик борасида келишувга эришганди.
Шу тариқа ЎФА 2018 йил учун аллақачон 3 та ўртоқлик ўйини келишиб улгурди. Уларнинг ҳар учаласи ҳам Россия мундиалида иштирок этадиган мамлакат термаларига қарши ўтиши диққатга сазовор. Бунгача май ойида Теҳронда Эрон миллий термасига қарши ўртоқлик ўйини бўлиб ўтиши масаласи ҳам аниқ бўлганди.
Сенегал термаси Жаҳон Чемпионатида Польша, Колумбия ва Япония билан рақиб бўлади. Марокашга эса Испания, Эрон ва Португалия термалари дуч келади.
Изоҳ (0)