Фарғонада милиция таянч пункти инспектори 300 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Азизбек Мирзаев Фарғона шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими милиция таянч пунктлари вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори лавозимида ишлаб келаётган эди. Иш фаолияти давомида шаҳар ҳудудидаги таълим муассасалари раҳбарлари билан яхши таниш бўлган инспектор хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний пул ишлашни режалаштирди.
А. Мирзаев 2017 йил июль ойида таниши Ш. Акромова ўғлини Фарғона шаҳар 2-тиббиёт коллежига ўқишга қўймоқчилигидан хабар топди. У Ш. Акромовага коллежда танишлари борлигини айтиб, ўғлини ўқишга киритиб қўйишга ваъда берди. Бу иш қуруққа битмаслигига ишора қилиб, «хизмат» учун ваколатли шахсларга 300 доллар бериши зарурлигини айтди.
Ш. Акромова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилди. Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда А. Мирзаев Ш. Акромовадан 300 доллар олаётганида ашёвий далил билан қўлга тушди.
Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди А. Мирзаевнинг қилмишига яраша жазо тайинлади.
Изоҳ (0)