Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида 8 февраль куни Филип Жессоп номидаги танловнинг миллий раунди бўлиб ўтади. Бу ҳақда университет «Дарё»га маълум қилди.
Ҳуқуқшунослик оламидаги энг машҳур танлов Ўзбекистонда охирги 12 йилда илк бор Тошкент юридик ОТМлари талабалари орасида ўтказилмоқда.
Филип Жессоп номидаги танлов юридик ОТМлари талабалари учун халқаро ҳуқуқ бўйича энг йирик ва нуфузли танловдир. Танлов БМТ Халқаро судида ишни кўриш модели бўйича, тўлиқ инглиз тилида ўтказилади. Икки қисм: меморандумлар ёзиш ва оғзаки раундлардан иборат. Мазкур танлов ярим асрдан ортиқ вақтдан (1959 йилдан) буён ўтказиб келинмоқда. Бу йилги танловда юздан ортиқ мамлакат вакили бўлган 700 дан ортиқ университет жамоалари иштирок этади.
Ўзбекистонда миллий раундлар 2002—2006 йилларда ўтказилган бўлиб, унда 12 та университет қатнашган эди. Бу йилги миллий раундларда учта: Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, Тошкент давлат юридик университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети жамоалари иштирок этади.
Изоҳ (0)