Ўз тарихида учинчи бор WSB мусобақасида иштирок этадиган Uzbek Tigers жамоаси бугун — 5 февраль тонгида Москва орқали Кубага йўл олди.
Кубада ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари Cuba Domadores жамоасига қарши жанглар ўтказади. Мазкур клуб WSB мусобақасида икки бор ғолибликни қўлга киритган бўлса, икки марта вице-чемпион мақомига эга чиққан. Жорий мавсумда ҳам кубаликлар ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.
Uzbek Tigers таркиби анча ёшарганини кўриш мумкин. Ҳозиргача Мурод Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Фазлиддин Ғоибназаров, Рустам Тўлаганов каби чарм қўлқоп усталари Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан профессионал боксга тайёрлаб берилди. «Дарё»га берилган маълумотга кўра, тез орада улар сафига Элнур Абдураимов ҳам қўшилади. Боксчи айни пайтда аскарлик бурчини бажараётгани учун, машғулотларда иштирок эта олмаяпти.
Қуйида Кубага йўл қолган таркиб аъзолари кўрсатилган. Баҳодир Жалоловни айтмаса, қолган барча боксчилар янги етишиб чиқаётган авлод вакиллари ҳисобланади. Жумладан, Худойназар Файзов ҳамда Шунқор Абдурасулов бунгача WSB мусобақасида жанг қилиб улгурмаганди. Улар илк бор бу турнирда дебют қилади. Қайд этиш керак, Худойназар Файзов ўзининг илк халқаро мусобақасини India Open’да ўтказиб, олтин медалга эга чиққанди.
Ҳиндистон «ишғол этилди». Ўзбекистонлик боксчилар Indian Open’ни кутилганидек 1-ўринда якунлади
Uzbek Tigers
- -52 кг: Худойназар Файзов
- -60 кг: Шунқор Абдурасулов
- -69 кг: Маҳмуд Ғоипов
- -81 кг: Мадиёр Саидраҳимов
- +91 кг: Баҳодир Жалолов
Элнур Абдураимов ҳамда Шаҳрам Ғиёсов ўрнини мос равишда Шунқор Абдурасулов ва Маҳмуд Ғоипов босиши керак. WSB мусобақасида 18 ёшга тўлмаган боксчилар иштирок эта олмайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон бокс федерацияси 18 ёшни қарши олган спортчиларни ҳеч иккиланмай сафга киритди. Бу каби мусобақалар ёш боксчиларни катта мусобақаларга тоблаб беради.
Кубага жўнаб кетган таркиб C2 гуруҳи аъзолари ҳисобланади. Термиз мезбонлик қиладиган жавоб жангларида C1 вакиллари рингга кўтарилади.
Изоҳ (0)