Тўхташ нима эканини билмаётган ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари WSB олдидан кичик тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши кутилган Indian Open мусобақасини умумжамоа ҳисобида 1-ўринда якунлади.
Асосий таркибнинг бир қатор боксчилари Ҳиндистонга юборилмади. Шунга қарамай, делегация турнирда муваффақиятли иштирок эта олди. 10 нафар боксчи билан мусобақага киришган Ўзбекистон терма жамоасининг 7 боксчиси финал жангларида иштирок этди.
Шулардан 5 нафари якунда ғолибликни қўлга киритди. 52 ва 56 килограмм вазн тоифаларида рингга чиққан Худойназар Файзов ҳамда Абдулҳай Шораҳматов мос равишда Ҳиндистон, Мўғулистон боксчиларини таслим қилишга эришди.
2 та финал Куба вакилларига қарши ўтиши билан алоҳида аҳамият касб этаётганди. 64 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги жангларни Иқбол Холдоров кумуш медаль билан якунлади. У Жорж Моран Винентга имкониятни бой берди. Исроил Мадримов эса кубалик бошқа бир чарм қўлқоп устаси Эстрада Иглесиасни аяб ўтирмади ва олтин медални ўзиники қилиб олди. Бунгача Баҳодир Жалолов ҳам кубалик спортчини таслим этиб, финалга қадар етиб келганди.
Ўз навбатида Бобоусмон Ботуров ҳамда Баҳодир Жалоловнинг ўзи ҳам олтин медалларга эга чиқди. Санжар Турсунов эса кумуш билан чекланди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин ва 2 та кумуш медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди. Мезбон Ҳиндистон термаси мусобақани 2-ўринда якунлаган бўлса, кубаликлар 3-ўрин билан чекланди.