31 январь куни соат 12:27 да Жиззах вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси марказий диспетчерлик хизматига ёнғин ҳақида хабар келиб тушди, деб хабар беради вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Шундан сўнг ёнғин жойига Жиззах шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бўлими 1-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмининг 2 та бўлинмаси юборилди.
«Ёнғин юз берган Жиззах шаҳар А.Навоий маҳалласи «Абдужабборов» кўчаси 2-уй дарвозаси қулфланган эди. Смена бошлиғи лейтенант Шоир Файзиев холис гувоҳлар иштирокида дарвозани очишга кўрсатма берди. Ўт ўчирувчилар тутун билан қопланган хонага кирганида шу уйда яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро Д.Ҳусанова ҳушсиз ётган эди. Кичик сержант Ҳусниддин Ғаппоров ва сафдор Адҳам Жўраевлар тезда қизни ташқарига олиб чиқди. Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиши оқибатида қизнинг ҳаёти сақлаб қолинди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бригада қисқа муддатда ёнғинни бартараф этган. Ёнғин натижасида хонадоннинг 25 квадрат метр майдони ва уй жиҳозлари зарар кўрган.
Изоҳ (0)