Тошкент вилоятининг Тутзор қишлоғидаги хонадонлардан бирида Африка шери қафасда ноқонуний сақлаб келинганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекцияси ҳамда ички ишлар ходимлари 8 ойлик шерни Гулноза Абзаловага тегишли қурилаётган уйдан топди.
«Тезкор маълумот олиб, кўрсатилган манзилга бордик. Чиндан ҳам у ердаги қурилиш кетаётган уйда ориқлаб кетган, оч шер боласига дуч келдик. Ярим метрли қафасда ҳатто айланишга ҳам имконият йўқ эди», — дея ҳикоя қилади инспекция вакили.
Жонивор хусусий корхона питомнигига тегишли эканлиги аниқланди, бироқ бу ерда унга тааллуқли бирор ҳужжат тақдим этилмади.
Амалдаги қонунлари мамлакатга олиб кириладиган барча ҳайвонлар ва ўсимликлар божхона текширувидан мажбурий ўтказилишини кўзда тутади. Ҳайвонот боғларидаги жониворлар алоҳида ҳисобда туради, уларни хусусий тартибда сақлаб туриш ман этилган.
Африка шери ўзига келиб олиши учун пойтахт ҳайвонот боғига юборилди. Ҳолат юзасидан тергов бошланди.
Изоҳ (0)