2017 йилда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари орасида шакар нархининг ошиб кетиши сабаблари одамларни қизиқтирган масалалардан бирига айланди, деб ёзади ЎзА.
Иқтисодиёт вазирлиги мутахассисларининг маълум қилишича, 2017 йилда шакар нархи ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 28,8 фоизга ошган.
«Шакар ва қандолат маҳсулотлари нархлари ўсишининг асосий сабаби ўрганилганда ички ишлаб чиқариш қувватларининг аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш имкониятига эга эмаслиги, шакар маҳсулотига бўлган мавсумий тебранишларни бартараф этиш мақсадида етарли миқдорда шакар хом ашёси импортининг амалга оширилмаганлиги аниқланган», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида йирик савдо марказлари – супермаркет ва гипермаркетларнинг мавжуд эмаслиги ҳамда товарлар давлат хариди тизимининг етарлича ривожланмагани истеъмол товарлари нархининг ошишида қўшимча сабаблар бўлган.
Йирик савдо марказлари нархларнинг барқарор сақлаб туришда, иқтисодиётда нақд пул муомаласини тартибга солиш, самарали давлат хариди тизимининг жорий қилиниши эса истеъмол товарлари бўйича мавсумий тебранишларнинг олдини олиш ва шу орқали инфляцияни жиловлаш имконини беради.
Изоҳ (0)