Ўзбекистон Президентининг 25 январдаги қарори билан 2018 йилда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури тасдиқланди. «Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор матни ЎзАда келтирилди.
Ҳужжатга келтирилган шарҳларда айтилишича, мамлакатда кейинги йилларда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашуви ва ОИВ инфекцияли шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг таъминланишига қарамасдан ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор долзарб масалалар ўз ечимини кутмоқда. ОИТСга қарши кураш хизмати вазиятни «реал вақт» режимида таҳлил қиладиган ва ўз вақтида ҳамда самарали тадбирларни белгилашга имкон берадиган ягона маълумотлар базасига эга эмас.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан беморни вирусга қарши даволашни, касалликнинг босқичидан қатъий назар, касаллик аниқланган кундан бошлаш тавсия этилганлигига қарамасдан ҳозирги вақтда фақат 47 фоиз ОИВ инфекцияли беморлар касалликнинг ривожланган босқичига келиб даволанмоқда.
Антиретровирус препаратларини харид этишга давлат бюджетидан маблағ ажратилмаганлиги сабабли, даволаш ишларида узилишлар бўлиши ва ОИВнинг антиретровирус препаратларига чидамли штаммлари пайдо бўлиш хавфи мавжуд.
Шу ва бошқа муаммолар Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йилнинг 18 октябрида ўтказилган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг аҳволи ва келгусидаги вазифаларга бағишланган мажлисда муҳокама этилиб, ОИВ инфекциясига қарши кураш соҳасида кенг қамровдаги тадбирларга қаратилган Давлат дастурини ишлаб чиқиш топширилган.
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларини замонавий ва янги сифат даражасига олиб чиқиш мақсадида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қуйидаги йўналишдаги мажмуавий чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутган:
ОИВ инфекциясининг тарқалиши сабаблари ва шароитларини ҳудудлар бўйича мунтазам таҳлил этиш, миллий анъана ва маънавий-ахлоқий асосларни инобатга олган ҳолда аҳолининг кенг қатламлари орасида мазкур касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиқиб, маҳаллий молиявий, моддий ва кадрлар ресурслари сафарбар қилинишини кўзда тутувчи ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар режаларини қабул қилиш;
мамлакатда ОИВ инфекцияси профилактикаси, ташхис қўйиш ва уни даволаш соҳаларида маҳаллий илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг натижаларини соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этишни таъминлаш, шунингдек, соҳа бўйича етакчи хорижий илмий-тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;
ОИВ инфекцияси ва ёндош касалликларни аниқлаш учун замонавий диагностикумлар ва тест-системаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу жумладан, инвестицияларни жалб этиш ва давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш;
кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, мазкур йўналишда етакчи халқаро таълим ва илмий муассасалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликдаги илмий-амалий тадбирларни амалга ошириш;
юқори сифатли ретровирусга қарши дори воситаларини харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш улушини босқичма-босқич ошириб бориш;
ОИВни юқтириб олганларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни кучайтириш, шунингдек, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узлуксиз таъминлаш тизимини яратиш;
ОИТСга қарши кураш муассасаларининг, шу жумладан, туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича фаолиятни тизимли таҳлил этиш ва тадбирларни режалаштириш учун тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш.
Изоҳ (0)