Қаршининг «Насаф» клуби сербиялик Славко Лукични ўз сафига қўшиб олди. Шартнома қанчага мўлжаллангани борасида аниқ маълумот берилмади.
1989 йилнинг 14 мартида туғилган Лукич ўнг қанот ҳимоясида ҳаракат қилади. «Насаф» айнан шу позицияда тўп сурадиган икки тажрибали футболчисини кетма-кет йўқотди. Икки йил аввал «Локомотив» Шуҳрат Муҳаммадиевнинг «илиб кетган» бўлса, бу йил Тошкентнинг бошқа бир клуби «Пахтакор» отни қамчилади ва Акмал Шораҳмедовга эга чиқди. Эндиликда бўшаб қолган ўрин Лукич билан тўлдирилади.
Футболчи Сербия U19 ва U21 терма жамоаларида тўп сурган. Бунгача Словакиянинг «Спартак» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётганди.
Шу тариқа «Насаф» ОФК Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақаси учун белгилаб қўйилган легионер футболчилар квотаси — 3+1 дан максимал фойдаланадиган бўлди. Бунгача клуб черногориялик Драган Черан ҳамда россиялик Игорь Голбанни яна 1 йилга олиб қолганди. Шунингдек, яқиндагина Тожикистон миллий терма жамоаси аъзоси Жаҳонгир Алиев ҳам Қарши клуби билан шартнома тузганди.
Изоҳ (0)