Саудия Арабистони меросхўр шаҳзодаси ва қироллик мудофаа вазири Муҳаммад бин Салмон шахсий хусусий армияси — Ал-Саиф Ал-Ажраб ҳарбий компаниясини яратди. Қироллик ОАВларининг маълум қилишича, янги тузилмани ташкил этишда қиролликка Американинг энг машҳур хусусий ҳарбий компанияси Blackwater асосчиси Эрик Принс кўмак берган. Саудия расмийлари аввал ҳам хусусий ҳарбий компания хизматларидан фойдаланган. Қиролликда коррупцияда гумон қилиниб, 11 шаҳзода ҳибсга олинган ноябрь воқеалари, шу жумладан, деб ёзади «Газета.ru».
Янги тузилмани ташкил этиш ҳақидаги буйруқни Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдул-Азиз имзолаган. Янги кучларнинг сони юқори даражада ҳарбий тайёргарликдан ўтган 5 минг аскардан иборат.
Янги тузилма айнан нима учун ташкил этилганлигига аниқлик киритилмаган.
Инновацион тараққиёт институти Яқин Шарқ можароларини тадқиқ этиш бўлими раҳбари ва Халқаро ишлар бўйича Россия кенгаши эксперти Антон Мардасов нашр билан суҳбатда янги армия «қалтис операцияларни» ўтказиш билан шуғулланувчи нейтрал куч бўлиши ва унинг таркибига ёлланма аскарлар киришини тахмин қилади.
БАА шаҳзодаларни ҳибсга олиш ва уларга босим ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга жалб этилган. Жумладан, Мардасов Амирликлар Ар-Риёдга ҳибсга олинган шаҳзодалар ва мансабдорлар ҳисобларини фош этишга кўмак берганлигини ҳикоя қилади.
Ноябрь бошидаги ҳибсга олиш тўлқинидан сўнг барча қўлга олинган шаҳзодалар Ар-Риёд марказидаги премиум классидаги беш юлдузли меҳмонхонага жойлаштирилганлиги тахмин қилинади — қироллик оиласи вакилларини дарҳол қамоқхонага юбориш подшолик учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин эди.
«Шаҳзодаларни меҳмонхонада сақлаш ва улар саройларини блоклаш учун ёт кучлар жалб этилган. Бу қандай кучлар эканлиги номаълум, мен фақат бир нарсани билишга эришдим. Бу БААдан Olive Group хусусий ҳарбий компанияси. Унинг асосчиси ким — номаълум, унинг яратилишига Эрик Принснинг алоқаси бор-йўқлигини билмайман», — дейди Мардасов.
Унинг сўзларига қараганда, аввал бу хусусий ҳарбий компания тўғрисида кўп миш-мишлар бўлган, жумладан, унда Америка фуқаролигига эга бўлган шахслар кўплиги маълум қилинган.
«Ҳозир кўплаб манбалар, араб манбалари ҳам, Америка манбалари ҳам, шу жумладан, Давлат департаменти собиқ ходимлари ҳам саудияликлар натижасига ишонч ҳосил қилиш учун қалтис операцияларни ўтказишда таянувчи хусусий ҳарбий компания мавжудлигини тасдиқлайди», — дейди эксперт.
Бин Салмоннинг янги тузилмаси қайси маблағ ҳисобидан ташкил этилганлигига ҳам аниқлик киритилмайди. Мардасов уни ташкил этиш учун пул ҳибсга олинган шаҳзодалардан мусодара қилинган маблағлар ҳисобидан ажратилган бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.
Халқаро ишлар бўйича Россия кенгаши эксперти Григорий Лукянов хусусий ҳарбий компания хизматларига Саудия Арабистони ғазнасидан ҳақ тўланиши ва улар қироллик давлат бюджетининг ҳарбий харажатларига киритилганлигини таъкидлайди.
«Хусусий ҳарбий компания билан шартномалар қироллик бюджетидан молиялаштирилади, чунки улар Ямандаги операциялар бўйича кенг доирадаги масалалар: ўқ-дори, ёқилғи-мойлаш материалларини етказиш, разведка, режалаштириш, қўшинларни тайёрлаш, уларни бошқариш, бўлинмаларни Яман йўналишида жойлаштириш каби вазифаларни ҳал этади. Бу улкан харажатлар бўлиб, уларга ғазнадан тўғридан-тўғри маблағ сарфланади» — дея аниқлик киритади у.
Қиролликда тарихий ларза юз берган ҳар қандай лаҳзада монарх таяниши мумкин бўлган ҳарбий тузилма ташкил этилган. Айнан шу мақсадда Саудия Арабистонида дастлаб Миллий гвардия яратилган. «У куч органларини тийиб туриш воситаси сифатида яратилган, бироқ қирол тутган йўл ва унинг ҳокимиятни бин Салмонга мерос қилиб қолдириш ғоясига нисбатан етарлича содиқ эмас бўлиб чиқди», — дея ҳикоя қилади Лукянов.
Бин Салмон ноябрь ҳодисаларига қадар ҳам мудофаа вазирлиги ва махсус хизматлар раҳбариятида тозалаш ўтказган, бироқ шаҳзода ҳозирча заиф ва у Саудия Арабистони ички кучларига таяниб юқори элитага қарши бу каби радикал ҳаракатларни амалга ошириш учун етарлича кучга эга эмас, дейди нашр суҳбатдоши.
«Анъанавий алоқалар етарлича кучли, шаҳзода мухолифати ҳам етарлича кучли, шунинг учун у асосий иш берувчиси бўлганлиги сабабли унга содиқ чет эллик ҳарбий мутахассисларга суянишга мажбур. Шу сабабдан улар фақат ўзлари бажариши мумкин бўлган ишлар — ҳибсга олишларни амалга ошириш, объектлар ва ҳибсга олинганларни тергов давомида қўриқлаш кабиларни бажаради. Улар, шунингдек, Яман кампаниясида ҳам шаҳзодани қўллаб-қувватлайди — айнан улар туфайли у ҳалигача мағлуб бўлмаган», — дея аниқлик киритади эксперт.
Шу билан бирга, Лукянов фикрича, Саудия Арабистонида чет элликлардан қонуний бўлинма ташкил этилган деб бўлмайди. «Бу доимий бўлмаган куч бўлиб, унга зарурат бўлмаганда шартнома якунланиб, улар тарқатиб юборилиши эҳтимоли катта», — деб ҳисоблайди у.
Изоҳ (0)