Қозоғистонда 2025 йилгача мўлжалланган лотин алифбосига ўтиш кенг қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ мамлакат президенти томонидан мутахассислар маслаҳатларига эътибор қаратилмагани ва унинг қозоқ тилидаги товушларни ифодалаш учун бошқа тилларда мавжуд бўлмаган апострофлардан фойдаланувчи тизимини жорий этиш ҳақидаги қарори яхши қарши олинмади. Бу ҳақда New York Times’га таяниб, «Газета.ru» ёзмоқда.
Айни вақтда мамлакатда кирилл алифбосининг ўзгартирилган талқинидан фойдаланилади, бироқ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев рус алифбоси лотин алифбоси асосидаги янги алифбога алмаштирилишини маълум қилган.
Таъкидланишича, мазкур қарор мураккаб муаммони юзага келтирган: ўз алифбосига эга бўлмаган ва доим ўзлашма схемадан фойдаланган тилда қандай ёзиш мумкин. NYT мисол сифатида Қозоғистон Республикасининг қуйидагича ёзилишини келтирган: Qazaqstan Respy'bli'kasy.
Янги тизим апострофлар ўрнига фонетик белгилардан фойдаланувчи турк тили ёзув тизимига ўхшашини хоҳлаган тилшунослар президентнинг қарорини «хунук ва ноаниқ» деб атаган.
Бошқалар эса апострофлардан фойдаланиш қидирув тизимларида кўплаб қозоқ сўзларини излашни ва Twitter’да хештеглар яратишни мураккаблаштиришдан шикоят қилган. Шунингдек, янги ёзув «кўзларни оғришга мажбур қилади», деган фикрлар ҳам билдирилган.
Олмаота тилшунослик институти раҳбари Эрден Кажибек олимлар бу ҳақда биринчи марта билганида, ҳайратда қолганини айтган.
Изоҳ (0)