Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Косонсой туманида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро М.Қ.нинг қонунга хилоф равишда фаолият кўрсатаётгани аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сохта тадбиркор белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмагани камлик қилгандек, умумий қиймати 21 миллион сўмликдан зиёд ёғ маҳсулотини ҳеч қандай ҳужжатларсиз сотаётган эди. Мазкур ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, 2 минг 390 килограмм пахта ёғи ҳамда 514 килограмм ўсимлик ёғи ашёвий далил сифатида олиб қўйилди ва тегишли тартибда чора кўрилди.
Бошқармадан олинган маълумотларга кўра, 2017 йил мобайнида бу йўналишда ташкил этилган мониторинг тадбирлари натижасида нақд пулни назорат-касса машинасига кирим қилмаслик, маҳсулотни белгиланган нархдан қиммат сотиш каби 15 қўпол қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жами 6 миллион 700 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Изоҳ (0)