Ёшлар иттифоқи қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун йил давомида АҚШ, Голландия, Италия, Германиядан экспертларнинг маҳорат дарсларини ташкил этади. Бу ҳақда иттифоқ раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти(GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши ҳамкорлигида замонавий мевали боғлар яратиш бўйича дунёнинг энг машҳур экспертларидан бири АҚШлик Тимоти Митчал ўзбек ёшларига маҳорат дарсларини ўтмоқда.
«Ўзбекистонда боғдорчиликка қизиққан фермер ва томорқа эгаларига боғ учун жой танлаш ва янги боғларни ташкил этиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва ўғитлардан унумли фойдаланиш, боғ юзасига тўғри ишлов бериш, чангланиш ва унинг фойдаси, меваларни тоқалаш, дарахтларни ортиқча юкланишининг олдини олиш, мева териш жараёнини автоматлаштириш бўйича қимматли тавсиялар бермоқда», — дейилади хабарда.
Маҳорат дарсларида Тимоти Митчалга қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис Умид Сайфутдинов ҳамроҳлик қилмоқда. Илк машғулотлар Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз ва Китоб туманидаги фермер ва боғбонлар учун ташкил этилди.
Тимоти Митчал ва маҳаллий эксперт Умид Сайфутдиновлар иштирокидаги маҳорат дарслари 31 январга қадар Жиззах, Сирдарё, Фарғона ва Наманган вилоятларида давом этади.
Изоҳ (0)