Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5—6 январь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида 2017 йилнинг тўртинчи чораги учун маҳаллий бюджет даромадлари режаси ижросини таъминламаган туман ва шаҳар молия, солиқ органлари ва банк бошқарувчилари фаолиятига танқидий баҳо бериш бўйича топшириқ берган эди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Топшириққа мувофиқ, маҳаллий бюджет даромадлари режаси ижросини таъминламаган вилоятнинг 10 та туман (шаҳар) молия, солиқ ва банк раҳбарлари фаолияти танқидий ўрганиб чиқилган.
«Ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот фаолиятини самарали ташкил эта олмаган, юклатилган вазифа ва топшириқларни бажаришда масъулиятсизлик ва совуққонлик қилган 3 нафар молия бўлими мудир, 3 нафар банк бошқарувчиси ҳамда 5 нафар солиқ хизмати органи раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади ЎзА ахборотида.
Хабарда гап айнан қайси ҳудудлар ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаган, шунингдек, ишдан бўшатилганларнинг исм-шарифлари маълум қилинмаган.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларга тушумларни тўлиқ таъминламаган 7 нафар молия бўлими мудири ҳамда 5 нафар солиқ хизмати раҳбарларига иш ҳақидан жарима қўлланилган. Улар 2018 йил биринчи чораги якунига кўра фаолиятида жиддий ўзгариш қилмаган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши тўғрисида жиддий огоҳлантирилган.
ЎзА бунда ҳам гап қайси ҳудудлар ва кимлар ҳақида бораётганига аниқлик киритмаган.
Аввалроқ Президент раислигида 5 январь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида Бўстонлиқ тумани ҳокими билан бирга ҳудуднинг бош солиқчиси, шунингдек, вилоятдаги тўртта туманнинг солиқ ва молия раҳбарлари ишдан олингани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)