Россиянинг Рязань вилоятида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ис газидан заҳарланиб ўлгани хабар қилинган эди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармаси фожиа юзасидан расмий маълумот келтирди.
«Россиянинг Рязань вилояти Ряжский тумани полицияси маълумотларига кўра, 11 январга ўтар кечаси Шереметьево қишлоғида жойлашган шахсий уйда заҳарли газ исидан тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси заҳарланган. Вилоят тергов бошқармасининг аниқланишича, барча шахслар расман маҳаллий фермер хўжалигида меҳнат қилган», — дейилади хабарномада.
Оламдан ўтганлар қуйидагилардир:
1. Самадов Панжи Норсоатович, 1966 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган, Қизилжар аҳоли пункти Чортош кўчасида рўйхатдан ўтган;
2. Пазилов Ўрмонжон Нумонович, 1966 йилда Андижон вилояти Жалақудуқ туманида туғилган, Вохилхарам қишлоқ фуқаролар йиғинида рўйхатдан ўтган;
3. Мирзожонов Алижон Юлдошович, 1969 йилда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида туғилган, Чимён қишлоқ фуқаролар йиғини Дўстлик кўчасида рўйхатдан ўтган;
4. Хайитов Самат Илмуратович, 1981 йилда Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида туғилган, 11-кичик ноҳия 8-уй, 8-хонадонда рўйхатдан ўтган.
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Улфатбиби қишлоқ фуқаролар йиғини, Бештуво кўчаси манзилида рўйхатдан ўтган Саидов Шерхон Муҳаммадович (1990 йилда туғилган) Ряжский туман касалхонасининг реанимация бўлимида саломатлиги оғир ҳолатда сақланмоқда.
Амалий ёрдам бериш ва масалаларни ўз ўрнида ҳал этиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ходимлари Рязань вилоятига зудлик билан жўнаб кетди.
Изоҳ (0)