GM Uzbekistan’нинг Facebook’даги саҳифасида машиналарнинг нарх-навосига оид хабарнома эълон қилинди. Унда акциз солиқ ставкасининг ўзгариши билан нархлар туширилиши кўзда тутилмаётгани таъкидлаб ўтилди.
Олдинроқ GM Uzbekistan автомобилларига акциз солиғи 5,4 баробарга камайтирилгани хабар қилинган эди. Олдин акциз солиғи 27 фоизга тенг бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил этади. Шунга қарамай, корпорация бу ҳолат автомобиллар нархида акс этмаслигини билдириб ўтди. Таъкидланишича, бу чора курсдаги тафовут сабаб ҳаражатларнинг ошиб кетиши қоплашга хизмат қилади.
«2017 йилнинг 5 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг ‘GM Uzbekistan АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нархларини шакллантиришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги 701-сонли қарори имзоланди. Унга кўра енгил автомобилларнинг улгуржи ва чакана нархлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2017 йил 31 августдаги курси бўйича (4210,35 сўм) қатъий белгилаб қўйилди. Валюта курсининг ўзгариши GM Uzbekistan автомобилларининг Вазирлар Маҳкамасининг 701-сонли қарори билан тасдиқланган улгуржи ва чакана нархлар ҳисоб-китобига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун GM Uzbekistan енгил автомобиллари учун белгиланган акциз солиқ ставкаси 5 фоиз этиб белгиланди. Бу эса курсдаги тафовут сабаб ҳаражатларнинг ошиб кетиши қоплаш ва бу билан автомобилларнинг чакана нархларидаги барқарорликни таъминлаш имконини берди», — дейилади хабарномада.
«Ўз-ўзидан келиб чиқадики, акциз солиқ ставкасининг ўзгариши билан нархлар туширилиши кўзда тутилмаяпти», — маълум қилди компания вакиллари.
Изоҳ (0)