General Motors автоконцерни 2021 йилгача электромобиллар ишлаб чиқаришни даромад келтирадиган қилади. Бу ҳақда GM бош директори Мэри Барра инвесторларга ваъда берди, деб ёзади «Ведомости».
Бунга ниманинг ҳисобига эришиш назарда тутилаётганига у аниқлик киритмади. Аммо Reuters манбаларига кўра, GM электромобилларнинг бўлғуси линейкасида аккумуляторларнинг ўзига тегишли технологиясини, арзон модель платформасини ва ўзи SAIC билан ҳамкорликда ишлайдиган Хитойдаги кўп серияли ишлаб чиқаришни бирлаштиришни режалаштирмоқда.
GM’нинг янги аккумуляторларида замонавий литий-ионли батареялардаги энг қимматбаҳо компонент — кобальт камроқ, никель эса кўпроқ бўлади. Бундан ташқари, аккумуляторларни бошқариш ва иссиқлик қайтаришнинг янги тизимлари жорий этилади. 2021 йилга келиб, компания аккумулятор элементлари қийматини уч баробар — бир киловатт-соат учун 100 долларгача пасайтиришни режалаштирмоқда. Ҳозирда Chevrolet Bolt батареяси 10 минг—12 минг доллар атрофида бўлиб, бу электромобилнинг сотилиш нархининг учдан бир қисми демакдир. Уч йилдан кейин шундай сиғимли батарея 6 минг долларгача арзонлашади.
Агар GM қўйилган вазифани бажара олса, компания соҳадаги биринчи даромадли электромобиль ишлаб чиқарувчига айланади (давлат субсидияларини ҳисобга олмаганда). Масалан, Американинг Tesla компанияси ҳар чоракда электромобиллардан 1 миллиард доллар зарар кўради.
Изоҳ (0)