Ўзбекистонда 2025 йилда 5,2 миллион фуқарони иш билан таъминлаш, 1,5 миллион кишини камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов “Иқтисодий шарҳ” журналига ёзган мақоласида маълум қилган.

Обид Ҳакимов таҳлилига кўра, жорий йилда мамлакатдаги 60 та туман ва шаҳар биринчи марта камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудларга айланиши кутилмоқда. Микромолиялаштириш дастурларига 10 триллион сўм, маҳаллалар инфратузилмасига эса 1,6 миллиард доллар йўналтирилади.
2024—2025 йилларда ўзини ўзи банд қилганларни ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун микрокредитлар кўринишида 10 триллион сўм ажратилади. 50 минг гектар ер майдони 100 мингта кам таъминланган оилага деҳқончилик ва боғдорчилик учун тақсимлаб берилади, бунинг учун 5 триллион сўм ажратилади. Кичик ва ўрта бизнес секторида 2025 йилда унинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга ошириш, 1,5 миллион янги иш ўрни яратиш, экспорт ҳажмини 9 миллиард доллардан 12 миллиард долларга кўпайтириш, йирик корхоналар сонини 4 мингтага етказиш кўзда тутилган, дейилади мақолада.
Мақолада республикада 250 минг бўш иш ўрни мавжудлигига қарамай, уларни кам таъминланган оилалар меҳнатга лаёқатли аъзоларининг 35 фоизи малакаси йўқлиги ёки соғлиғи ёмонлиги сабаб эгаллай олмаслиги урғуланган. Бундай оилаларнинг 83 фоизи ўз томорқасига эга, лекин сув, электр энергияси ва инфратузилма етишмаслиги туфайли имкониятлари чеклангани ёзилган.
Муаллиф Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий эркинлик индекси (The Heritage Foundation) тўғрисида ҳам қисқача тўхталган. 2025 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистон 58 балл тўплаб, 184 та мамлакат орасида 100-ўринни эгаллаган. Бу, мамлакат 2020 йилга нисбатан ўз мавқеини 14 поғонага яхшилаганини англатади. Индекс мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд ишлари самарадорлиги, солиқ юки, бизнес олиб бориш эркинлиги, меҳнат бозори ва инвестициялар эркинлиги каби 12 та кўрсаткич асосида тузилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий йил I ярмида Ўзбекистонда 3 миллион 44 минг фуқаро иш билан таъминланганини маълум қилганди. Вазирликка кўра, бунда тижорат банклари 1 млн 780 минг кишини иш ўринлари билан қамраб олган. Қишлоқ хўжалигида 959 минг, қурилишда 137 минг, инвестиция лойиҳалари ҳисобига 168 минг аҳоли бандлиги таъминланган.
2025 йил 8 августда президент ўтказган йиғилишда олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаш масаласи кўтарилган. Маълум қилинишича, жорий йилги 231 минг нафар битирувчидан 125 минг нафари иш топди, деб ҳисобот берилган. Аслида эса ишли бўлганларнинг 42 минг нафари ўзини ўзи банд қилгани аниқланган.
Изоҳ (0)