Олдинроқ хабар қилинганидек, 9 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда давлат раҳбари интернет тезлигини яхшилаш, кўрсатилаётган хизматлар сони ва сифатини ошириш сингари масалаларни ўртага ташлади.
«Интернетдан 20 миллион аҳоли фойдаланади, деб ҳисобот бергансизлар. Бироқ миллий интернет орқали таклиф этиладиган хизматлар доираси жуда чеклангани сабабли аҳолининг аксарият қисми интернетдан фақат Telegram’да ёзишма учун фойдаланади, холос», — деди Шавкат Мирзиёев.
МДҲ давлатлари бўйича интернетнинг ўртача тезлиги Ўзбекистондагидан 10 марта юқорилиги қайд этилди. Алоқа операторлари чекка ҳудудларда, автомобиль ва темир йўлларга яқин ҳудудларда телекоммуникацияларни кенгайтиришга сармоя киритмаётгани таъкидланди.
Мутасаддиларга интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича зарур топшириқ берилди.
Изоҳ (0)