Туркиянинг Белек шаҳрида янги мавсумга ҳозирлик кўраётган «Пахтакор» ўзининг илк назорат ўйинида майдонга тушди.
Шота Арвеладзе жамоаси ўзидан анча кучсиз бўлган Туркия 3-лигаси вакилини йирик ҳисобда таслим қилди. Беллашувда «Локомотив»дан қайтиб олинган Жалолиддин Машарипов ҳамда «Насаф»дан келиб қўшилган Фаррух Сайфиев гол уришга эришди.
Биринчи бўлимда «пахтакорчилар» дарвозасини Элдор Суюнов қўриқлаганди. Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган Александр Лобанов дарвозасига ҳакамлар 2 та пенальти тайин қилган бўлиб, посбон ҳар икки сафар ҳам ўзини кўрсатган ва тўпни қайтариб юборган.
Кўринишидан, «Пахтакор»нинг рақиблари секин-аста кучайиб боради. Йилнинг илк ўйинида нисбатан кучсизроқ рақиб танлаб олинган. Клуб расмий сайтининг маълумот беришича, «Пахтакор» 11 январь куни энди Туркия 2-лигаси вакили ҳисобланган «Шанлиурфаспор» клубига қарши майдонга тушади.
Ўртоқлик ўйини Белек, Туркия 7 январь, якшанба
«Тургутлуспор» — «Пахтакор» 0:3
Голлар: Владимир Козак, 12 (0:1). Жалолиддин Машарипов, 13 (0:2). Фаррух Сайфиев, 84 (0:3).«Пахтакор» 30 январь куни Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма олиш учун Қатарнинг «Ал-Гарафа» клубига қарши сафар ўйинида иштирок этади.
Изоҳ (0)