26 декабрь куни соат 22:30 ларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Қулоқтепа ва Уч қаҳрамон кўчалари кесишган чорраҳада номаълум ҳайдовчи пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида пиёда — 1968 йилда туғилган эркак киши бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, оёқ суякларининг синиши ташхиси билан 7-шаҳар клиник шифохонасига олиб борилди. Ҳайдовчи пиёдага тиббий ёрдам кўрсатмай ва ички ишлар органларига хабар бермай, ЙТҲ жойидан қочиб кетди.
28 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида ЙТҲ содир этган ҳайдовчи 1996- йилда туғилган Авалбаев Абдуазиз Абдумалик ўғли эканлиги ва у ўзининг бошқарувидаги ВАЗ-2106 русумли автомашинасида бўлганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан А. Авалбаевга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, унинг автомобили жарима майдончасига қўйилди.
Изоҳ (0)