«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси сиқилган газда ишловчи 50 та MAN A22CNG катта ҳажмли автобусларини қабул қилиб олди. Уларнинг бари Самарқанддаги JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган, деб хабар беради «Газета.uz».
2018 йили Ўзбекистон пойтахтига яна 110 та, 2019 йили эса 90 та автобус етказиб берилади. Янги автобуслар етказиб берилиши ҳукуматнинг шу йил 11 мартидаги қарорида кўзда тутилган.
Шунингдек, «Тошшаҳартрансхизмат» автобус паркларида MAN сервис марказлари очилади.
12 метр узунликдаги MAN A22 CNG автобуси MAN шассиси негизида ишлаб чиқарилади. Унинг енгил алюминий кузови йўл қопламасига тушадиган юкламани камайтириш ва эксплуатация муддатини оширишга ёрдам беради. кузовнинг кенг ўлчови эса 90 нафаргача йўловчи ташиш имконини беради.
E2876 двигатели такомиллаштирилган экологик тоза автомобиллар (EEV) ҳақидаги стандартга мос келади. У 310 от кучига эга.
2015 йил сентябридан буён Тошкентда шу турдаги автобуснинг биринчи прототипи синов тартибида ишламоқда. Бугунги кунга келиб у 130 минг километр йўл босиб ўтди. Шу давр ичида транспорт воситасининг асосий агрегатлари бузилишларсиз ишламоқда, деб маълум қилди «Ўзавтосаноат» компанияси бошқарувчи раиси ўринбосари Абдураҳим Мусаев.
Изоҳ (0)