Бугун — 23 декабрь куни Тошкент вақти билан 17:00 да «Эль-Класико» бўлиб ўтади. Икки азалий рақиб — «Реал» ва «Барселона»нинг бу сафарги тўқнашуви йилнинг сўнгги ўйини сифатида қайд этилади.
Боиси, Испания клублари эртадан бошлаб кичик танаффусга чиқади. Шу билан улар 3 январь куни Испания Кубогининг 1/8 финали доирасида майдонга тушади. Чемпионатнинг кейинги тури эса 6 январда старт олади.
Асосий эътибор бугун Криштиану Роналду ҳамда Лионель Мессида бўлиши шубҳасиз. 2017 йилда ҳам футбол мухлислари мазкур икки футболчининг рақобатига гувоҳ бўлди. Ўтган мавсумни юқори нотада якунлаган Роналду йил сўнгида «Олтин тўп»лари сонини 5 тага етказиб, Месси билан тенглашиб олган бўлса, ўз навбатида аргентиналик футболчи «Олтин бутса»га эга чиқди, кетидан Marca нашри талқинига кўра, Испания Ла Лигасининг сўнгги мавсумдаги энг яхши футболчиси деб топилди.
Хўш, мавсумларни инобатга олмай, фақатгина 2017 йилдаги ўйинларга назар солинганида вазият қандай? Статистиклар буни ҳисоблаб чиқди.
Лео Месси мазкур йил давомида жами 63 та ўйинда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасига 53 та гол уришга эришди. Шунингдек, 15 та голли узатмани амалга оширди. Месси ўрта ҳисобда ҳар бир ўйинда 0,84 та гол уришга эришган.
Криштиану эса ўрта ҳисобда бироз кўпроқ — ҳар бир ўйинга 0,90 та гол уришга эришган. Сабаби у Мессига нисбатан 4 та кам ўйинда майдонга тушди — 59 та. Голлар сони эса бир хил — 53 та. Голли узатмалар бобида Месси фаолроқ, Роналдуда бу кўрсаткич 13 тани ташкил қилади.
Изоҳ (0)