Ўзбекистоннинг 17 та клуби ОФК лицензияси учун ҳаракат қилди. Шулардан 4 таси ўз мақсадига ета олмади, деб ёзди «Championat.asia» нашри.
Ўтган мавсумни қуйи лигада ўтказиб, унинг якунига кўра Супер Лигага йўлланма олган Қувасойнинг «Цементчи» футбол клуби лицензиялаш талабларини тўғри бажарган. Унинг қаторида «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор», «Бунёдкор», «Бухоро», «Қўқон-1912», «Машъал», «Олмалиқ», «Металлург», «Динамо», «Нефтчи» ва «Навбаҳор» клублари ҳам Осиё футбол конфедерациясининг талабларини бажаришга эришган.
Навоийнинг «Қизилқум», «Жиззахнинг «Сўғдиёна», Тошкентнинг «Обод» ҳамда Ғузорнинг «Шўртан» клублари эса аксинча, лицензиялаш талабларидан ўта олмаган.
Аввалроқ Ўзбекистон Супер Лигасида 12 та клуб қолиши айтилган бўлиб, бунда лицензиялаш талаблари биринчи планга олиб чиқилиши борасида маълумот берилганди. ОФК талабидан 13 та клуб ўтгани инобатга олинса, энди навбат ЎФФнинг лицензиялаш масаласига етиб келади. Юқори дивизионда қайси клубларнинг иштирок этиши айнан шу ҳолатдан келиб чиқади.
ОФК лицензиялашидан ўта олмаган клублар эса халқаро майдонда иштирок этмаслигидан келиб чиқиб, бу ҳақда қайғурмаса ҳам бўлади, қабилида фикр билдирган «Қизилқум» клуби бош мураббийи Ҳамид Актамов «Championat.asia» нашрига берган интервьюсида.
Қайд этиш керак, лицензиялаш масаласини бир четга суриб турганда Самарқанднинг «Динамо», Жиззахнинг «Сўғдиёна», Фарғонанинг «Нефтчи» ва Ғузорнинг «Шўртан» клублари Олий Лигадан тушиб кетганди, «Обод» эса чемпионатдан четлаштирилган.
Изоҳ (0)