Келаси йилнинг 30 январь куни «Насаф»га рақиб бўладиган Иорданиянинг «Ал-Файсалий» клуби муаммолар гирдобида қолди, деб ёзди «Voha.uz». Айни пайтда нашр Қарши клубининг бўлажак рақибини кузатиш ишлари билан банд.
Яқиндагина «Ал-Файсалий» хорватиялик бош мураббий Драган Талажични истеъфога чиқарганди. Мамлакат кубогининг ярим финалида унинг жамоаси «Ал-Жазира»га имкониятни бой берди ва хорватиялик мутахассис ишдан кетди. Жавоб ўйинида ҳам «Ал-Файсалий» вазиятни ўнглай олмади ва финалдан четда қолди.
Энди эса ФИФА клубнинг тўрт аъзосини футболдан 1 йилга дисквалификация қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бу борадаги мактубни Халқаро футбол уюшмаси клубга жўнатиб улгурган. Унда баён қилинишича, Мовтаз Ёсин, Баха Абдулраҳмон Иброҳим, Иброҳим Дледум Заваҳра ҳамда ливиялик легионер Акрам Звоий 2018 йилнинг 14 августига қадар майдонга туша олмайди. Мазкур қарор 2017 йилнинг 14 августидан кучга кирган, деб ҳисобланади.
«Насаф» Иорданиянинг «Ал-Файсалий» клуби билан Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига йўл олиш учун беллашади. Битта учрашувдан иборат плей-офф босқичига Қарши шаҳри мезбонлик қилади.
Изоҳ (0)