2018 йилдан бошлаб Про-Лига номини оладиган футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 24 ёшдан катта футболчилар тўп суриши мумкин. Бу ҳақда ПФЛ бош директори Омон Ғофуров «Championat.asia» сайтига маълум қилган.
Бунгача мазкур лигага 24 ёшдан катта футболчилар қўйилмаслиги борасида қарор чиқарилганди. Бу қарор футбол журналистлари танқидига учради. Ғофуровнинг айтишича, ПФЛ лига клубларининг илтимосини ерда қолдиришни истамаган ва ўз қарорига ўзгартириш киритган.
Унга кўра, Про-Лигада майдонга тушадиган футболчиларнинг 60 фоизи 24 ёшдан кичик бўлиши керак. Қолган 40 фоизига эса ёш чеклови қўйилмайди. Бу мезонлар 11 киши майдонга тушадиган футболда қандай ҳисоблаб чиқилишига ойдинлик киритилмаган.
Аввалроқ Омон Ғофуров «Спорт» телеканалида чиқиш қилиб, Фарғонанинг «Нефтчи» клуби Про-Лигага тушиб кетмагани ҳақида айтганди. Ваҳоланки, Супер Лигада 12 та жамоа қолишидан келиб чиқиб, 15-ўринни эгаллаган клуб қуйи лигага тушиб кетиши белгилаб қўйилганди.
Изоҳ (0)