Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Бош прокуратура, Олий суд, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа мутасадди идора-ташкилотлар масъул ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.
Давра суҳбатида коррупцияга оид содир этилган жиноятлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон ИИВ жиноят қидирув бош бошқармасининг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги тизимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 1300 дан ошиқ коррупция ва иқтисодиёт асосларига қарши содир этилган жиноятлар аниқланди.
Мазкур жиноятлар порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, валюта қоидасини бузиш, қалбаки пул ясаш, талон-тарожлик ҳамда бошқа турдаги ҳолатлар билан боғлиқ.
Тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида 374 та гуруҳ томонидан содир этилган жиноятлар фош этилиб, уларга қўл урган шахслар жиноий жавобгарликка тортилди. Жиноятлар натижасида етказилган моддий зарарнинг ундирилиши таъминланди.