Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фархан Низомий билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси О. Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимов, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори А. Маннонов ва бошқалар меҳмонга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, турли дин ва миллат вакилларининг аҳил ҳаёти ва фаолияти, бу борада мамлакат раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
1985 йили ташкил этилган Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази ислом оламига оид илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ислом дунёсини тадқиқ этувчи олимлар ва институтлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш, бугунги кунда исломнинг ривожланишини турли босма нашрлар орқали тарғиб қилиш билан шуғулланади.
Марказ асосчиси ва раҳбари Фархан Низомийнинг Ўзбекистонга бу галги ташрифидан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистондаги ислом оламига оид тадқиқотлар билан шуғулланувчи идора ва муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар соҳада қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш.
Учрашувда мамлакат илмий-тадқиқот муассасалари ва Оксфорд ислом тадқиқот маркази ўртасида профессор-ўқитувчилар алмашиш, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари хусусида сўз юритилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент ислом университети билан Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Фархан Низомий, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашди. Бундан ташқари, у Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида ҳам музокаралар ўтказди.
Изоҳ (0)