Россиянинг Иркутск вилояти, Усть-Кут шаҳрида полиция ходими кўп қаватли уйда газ баллони портлаган чоғда 15 кишини қутқариб қолди. Бу ҳақда, Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волкка таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Портлаш таъмирлаш ишлари чоғида рўй берди. Бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлди, уч киши туман шифохонасига ётқизилди. Уйдан 100 киши эвакуация қилинди.
ИИВ вакилининг сўзларига қараганда, 2 декабрь куни полиция катта лейтенанти Юлий Пешков оиласи билан яқин атрофдан машинада ўтаётганида портлаш овозини эшитган. У воқеанинг биринчи гувоҳларидан бўлди. Полициячи дарҳол беш қаватли бино томон йўл олди.
Дастлаб квартиралардан бирида у тиббий ёрдамга муҳтож аёлни топиб, уни ташқарига олиб чиқди. Жами Пешков 15 кишини қутқариб қолди.