Ўзбекистонга келган бир гуруҳ туркиялик журналистлар 29 ноябрь куни Бухорода бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Афросиёб» тезюрар поездида Самарқанддан келган меҳмонларни «Бухоро» темир йўл вокзалида Бухоро вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б. Шаҳриёров ва бошқалар кутиб олди.
Туркиялик журналистлар Шавкат Мирзиёевнинг 25–26 октябрь кунлари Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган ўзаро келишувга асосан Ўзбекистонга келди.
Туркия оммавий ахборот воситалари ходимлари қадимий Бухоронинг дунёга машҳур тарихий-меъморий ёдгорликлари — Минораи Калон, Масжиди Калон, Пойи Калон ҳамда Лаби ҳовуз мажмуалари, Исмоил Сомоний ва бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажумасида ҳам бўлиб, унинг қабрини зиёрат қилди.
«Туркияда Нақшбандия тариқати, унинг эзгу ғоясини яхши билишади, – деди INA ахборот агентлиги мухбири Мехмет Умер Қилич. — Биз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазаратлари қабрини зиёрат қилдик. Бундай муқаддас қадамжолар киши руҳини енгил қилади, инсонни эзгу ишларга ундайди. Мен Бухорога яна келиш, бу қутлуғ заминда яшаб ўтган Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Ориф Моҳитобон, Муҳаммад Бобои Самосий, Саид Амир Кулол каби Нақшбанд бобомизнинг устозлари қабрларини зиёрат қилишни кўнглимга тугдим».
Изоҳ (0)