Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги раҳбарлари ўзгарди. Бу ҳақда «Kun.uz» ва «Kommersant.uz» нашрлари ўз манбаларига асосланиб хабар бермоқда; аввалроқ бу ҳақда Telegram’даги @davletovuz каналида ахборот пайдо бўлганди.
Хабар беришларича, 2016 йил декабридан бери Молия вазирлигига раҳбарлик қилиб келган Ботир Хўжаев иқтисодиёт вазири этиб тайинланган (у 2006—2009 йилларда ҳам шу вазирликни бошқарган). Иқтисодиёт вазирлигининг аввалги раҳбари Галина Саидова истеъфога чиқарилган. Саидова хоним 2011 йилдан бери вазирлик раҳбари эди.
Ўз навбатида, Ботир Хўжаевнинг Молия вазирлигида бўшаб қолган ўрнини бош вазир ўринбосари — иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбари Жамшид Қўчқоров эгаллаган.
Ботир Хўжаев ўз вақтида, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигидан ташқари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (2009—2011 йилларда), Давлат солиқ қўмитаси (2000—2002)га раҳбарлик қилган. 2005—2006 йилларда Ўзбекистон Президентининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган.
53 ёшли Жамшид Қўчқоров 2005—2017 йилларда Ўзбекистон молия вазири биринчи ўринбосари, 1997—2005 йилларда молия вазири ўринбосари, 1995—1996 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.
Профессор Галина Саидова (1956 йилда туғилган) 2002—2010 йилларда Иқтисодиёт вазирлигида турли (вазирлик ҳузуридаги қўмита раислигидан вазирнинг биринчи ўринбосаригача бўлган) лавозимларда ишлаган, 2010—2011 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигини бошқарган. 2011 йил августидан бери иқтисодиёт вазири эди.
Изоҳ (0)