Ўрта Ер денгизида муҳожирлар кетаётган қайиқларга акулалар ҳужум қилиши оқибатида 31 киши ҳалок бўлди, 40 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда, Ливия ҳарбий-денгиз кучларига таяниб, The Daily Mail хабар бермоқда.
Воқеа 25 ноябрь куни Ливия соҳилларига яқин ерда рўй берди. Ҳужумга учраган 200 га яқин муҳожирнинг кўпчилиги Сомали, Гана, Нигерия ва Эфиопия вакилларидир. Италияга йўл олган муҳожирлар Ўрта Ер денгизини иккита пуфлама қайиқда кесиб ўтаётган эди. Кутилмаганда қайиқлардан бири ҳозирча аниқланмаган сабабга кўра чўка бошлади. Сувга тушган одамларга акулалар ҳужум қилди.
Воқеа жойига қирғоқ қоровули етиб келди. Улар сувда ўнлаб мурдалар ва тўрт-беш акулани қайд қилди. Айрим таналарда акулалар тишларининг изларини кўриш мумкин эди.
Беш соат давом этган қидирув ишлари натижасида фақат бир киши топилди. Жами 60 киши сувдан чиқариб олинди, сўнг Италияга йўл олган иккинчи қайиқда бўлган 140 киши ҳам қирғоққа олиб келинди. Барча тирик қолганлар Триполидаги ҳарбий-денгиз базасига олиб келинди.
Изоҳ (0)