Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаев таркибидаги делегация Корея Республикасидаги Инҳа университети президенти Сунья Чой хоним билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон Президентининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи бўйича матбуот маркази маълум қилди.
Учрашув чоғида томонлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети таълим дастурларини кенгайтириш масаласини кўриб чиқди. Хусусан, бакалавриат таълим йўналишларини янада кенгайтириш зарурати таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, университетда магистратура таълим йўналишларини очиш масаласи кун тартибидан ўрин олди.
Ниҳоят, Тошкентдаги Инҳа университетининг айни пайтда Кореяда таълим олаётган охирги курс талабалари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув якунларига кўра икки университет вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида магистратура дастурини очиш ҳамда университетнинг уч нафар талабасига Жанубий Кореяда таълим олиш учун грант тақдим этиш юзасидан баённома имзолади.
Изоҳ (0)